Президент Шавкат Мирзиёев Марғилондаги “Бурҳонуддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туристик мажмуасида қад ростлаган маданий ва хизмат кўрсатиш объектлари билан танишди. 35 гектар майдонда меҳмонхона, карвонсарой, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музей қурилган.
Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижа бераётгани, сўнгги йилларда минтақага келувчи хорижий сайёҳлар сони бир неча баробар ошгани таъкидланди. Марғилон бу борада катта салоҳиятга эга.
Мажмуа давлат раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида бунёд этилган. У “шаҳар ичидаги шаҳар” тамойили бўйича қурилиб, миллий меъморчилик анъаналари, Марғилон тарихи ва замонавий туристик инфратузилмани ўзида мужассам этган.
Лойиҳанинг бош режаси 1,7 трлн сўмлик бўлиб, уни туркиялик “Studio Vertebra” компанияси ишлаб чиққан. Мажмуа икки босқичда қурилади. Кейинги босқичда бизнес-марказ, 1500 ўринли масжид, қўшимча меҳмонхоналар, 400 савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, 300 ўринли шарқ бозори қурилиши режалаштирилган.
Тўлиқ ишга тушганидан сўнг мажмуа йилига 200–250 минг хорижий сайёҳни жалб қилади, 2 минг иш ўрни яратади, 52 млрд сўм бюджет тушуми ва 30 млн доллар хизмат экспортини таъминлайди.
Мажмуа тажрибасини Бухородаги “Абадий Бухоро”, Самарқанддаги Имом Матуридий мақбараси инфратузилмасини ривожлантириш, Қўқондаги Урда, Намангандаги Ахсикет меъморий ёдгорлиги ва Тошкентнинг эски шаҳар қисми лойиҳаларига татбиқ этиш режалаштирилган.
Source: kun.uz