Тошкент ва Фарғона вилоятларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Саудия Арабистонига ноқонуний зиёрат сафарларини ташкил этган шахсларни аниқлади. Улар фуқароларга тегишли лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмасдан умра сафарини таклиф қилган.
Тошкент туманида 42 ёшли эркак пойтахтда яшовчи фуқарога танишлари орқали 1,1 минг доллар эвазига зиёратни ташкил этишни ваъда қилган. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ), Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИВ ходимлари уни 1 минг доллар ва 1,2 миллион сўм олаётганда қўлга олди.
Иккинчи ҳолат Фарғона вилоятининг Данғара туманида қайд этилди. Маҳаллий туристик фирма менежери 2,2 минг доллар олаётганда ушланди. У бу пул эвазига Ўчқўрғон туманидан икки фуқарони умрага юборишни ваъда қилган.
Ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ҳукумати умра зиёратини амалга оширувчи зиёратчилар учун кириш қоидаларини ўзгартирди. Энди чет эл фуқаролари янги умра-виза орқали бир йил ичида бир неча марта қиролликка ташриф буюришлари мумкин.
Ҳар бир сафардан олдин зиёратчилар Nusuk платформаси орқали умра учун рухсатнома олишлари шарт. Шунингдек, сафарга оид меҳмонхона, транспорт ва бошқа хизматларни олдиндан танлаш талаб қилинади.
Source: podrobno.uz