Ўзбекистон рақамли маркетинг бозорида шаффофликни ошириш ва реклама жараёнларини автоматлаштиришга қаратилган Blogix B2B-платформаси фаолиятида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Маълум қилинишича, мамлакатда солиқ органлари томонидан даромадларни легализация қилиш борасидаги назоратнинг кучайиши бозор иштирокчиларини қонуний ва тартибга солинган механизмларга ўтишга мажбур қилмоқда, бу эса мазкур лойиҳага бўлган эҳтиёжни кескин оширди.
Лойиҳа раҳбариятининг маълум қилишича, октябрь ҳолатига кўра платформадаги тасдиқланган реклама майдончалари соҳиблари базаси 1500 тадан ошиб кетган. Улар оторида 1063 та Telegram-канал, 462 та Instagram-аккаунт ва 78 та YouTube-канал мавжуд. Платформа орқали шу вақтгача 1209 та реклама кампанияси амалга оширилиб, 8957 та тижорий пост эълон қилинган. Айни пайтда 46 та йирик бренд хизматлардан мунтазам фойдаланиб келмоқда ва мижозларнинг 89 фоизи қайта мурожаат қилмоқда.
Бундай барқарор кўрсаткичлар венчур бозори вакилларининг эътиборини тортди. Хусусан, AloqaVentures фонди билан келишувга эришилиб, 120 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинди. Лойиҳа раҳбари Шахзод Абдураимовнинг сўзларига кўра, маблағлар технологияларни такомиллаштириш ҳамда Марказий Осиё минтақаси бозорларига чиқишга йўналтирилади. Шунингдек, платформага сунъий интеллектга асосланган чат-ёрдамчи жорий этилиб, у мижознинг бюджетига мос каналларни автоматик тарзда танлаш имконини бермоқда.
Платформанинг техник имкониятлари турли миқёсдаги бизнес вакилларига ўз маҳсулотларини қисқа фурсатда кенг аудиторияга етказиш имконини демоқда. Жумладан, McCann Group агентлиги бир куннинг ўзида 265 та канал орқали реклама жойлаштириб, белгиланган режадан ҳам юқори натижа қайд этган. Шу билан бирга, Didox хизмати орқали корпоратив карталарни тарғиб қилишда 840 та реал лид тўпланган. Тизимда хавфсиз битим механизми ва Didox ҳамда E-Imzo билан интеграция қилингани туфайли ҳужжат алмашинуви ва шартномаларни расмийлаштириш тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади.
Source: uznews.uz